Суриядаги низолашаётган томонларни яраштириш бўйича Россия маркази баёнотига кўра, америкалик инструкторлар Сурия ҳукумат армиясига қарши кураш олиб бориш учун ИШИД ва бошқа террорчилик ташкилотлари жангариларидан янги қуролли гуруҳлар тузмоқда. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Россиялик ҳарбийларнинг таъкидлашича, ушбу йўналишда Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Хасека вилоятидаги қочоқлар лагери яқинида ярим йилдан бери тайёргарлик олиб борилмоқда (мазкур ҳудуд асосан суриялик курдларнинг қуролли тузилмалари назорати остидадир).
«Ҳозирги кунда қочоқлар лагери яқинида Раққа, Дайр-аз-Завр, Абу Камол ва Фротнинг шарқий ҳудудларидан келган 750 га яқин жангари бор. Гуруҳнинг асосини октябрь ойида Раққани АҚШнинг кўмагида ҳеч бир тўсиқсиз тарк этган ИШИДнинг 400 га яқин террорчиси ташкил этади», — дейилади марказ баёнотида.
Америкалик ҳарбийлар ҳозирча бу баёнот юзасидан ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.
Маълумот учун, 2017 йил декабрида Россия ҳарбийлари Сурияда ИШИД террорчилик ташкилоти тўлиқ тор-мор этилгани ҳақида ҳисобот берди. Кейинроқ Ироқ ва АҚШ ҳукуматлари ҳам худди шундай баёнот берди. Бироқ, бошқа манбаларнинг маълумотларига кўра, Сурияда ИШИДга қарши жанглар давом этмоқда.
Изоҳ (0)