Ўзбекистон ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази (ЭКБМ) бошлиғи Наиль Галипшин ва ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Жанубий Корея Бош прокуратураси ҳузуридаги рақамли экспертизалар миллий маркази рақамли экспертизалар дивизиони (NDFC) мутахассислари билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида компьютер технологиялари соҳасидаги ва интернет тармоғидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ўзаро фойдали ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
ЭКБМ раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида дактилоскопия, ҳужжатларнинг техник экспертизаси, автотехника экспертизаси, баллистика, трасология, физикавий-кимёвий тадқиқотлар ва бошқа анъанавий ҳамда махсус тадқиқотлар билан бир қаторда компьютер экспертизаларини ўтказиш вазифаси долзарб бўлиб турибди. Ҳозир ИИВда ЭКБМ таркибида компьютер экспертизаларини ўтказиш бўлинмасини тузиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда NDFC директори Чой Жонг Му, унинг масъул ходимлари дивизион ташкил этилиш тарихи, ривожланиш йўли ва истиқболлари, ташкилот ходимларининг фаолият тамойиллари, улар олдида турган вазифалар хусусида гапириб берди. Шунингдек, улар томонидан тергов ҳаракатлари ва рақамли экспертизаларни ўтказиш усуллари ҳамда услубларини ўргатиш бўйича тренинг ташкил этилди.
Томонлар компьютер экспертизалари соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Жанубий Корея делегацияси аъзолари фаолият кўрсатадиган бўлинмада ўзбекистонлик мутахассисларни ўқитиш имкониятларини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)