Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида нима учун Россияга қарши ахборот уруши олиб борилаётганини тушунтирди.
«Биз ҳозир кузатаётган ҳолат Россиянинг суверенлигини, унинг суверен овозини бўғишга қаратилган ҳужумдир. Улар Россиянинг ўз овозини жаҳон ҳамжамиятига етказиш йўлидаги ўсиб бораётган имконият ва қобилиятларини, Россияга қарши қўлланилаётган ёлғон хабарларни рад этишга қаратилган салоҳиятини бўғишга уринмоқда», — деди Песков.
«Улар норози, шу сабабли ҳам бизни бўғишга уринмоқда. Биз эса бунга жавоб беряпмиз», — дея қўшимча қилди Путиннинг матбуот котиби.
Песковнинг қайд этишича, айни вақтда Россияда фаолият олиб бораётган бир қатор хорижий ОАВлар кўп ҳам холис эмас, бироқ улар ҳеч бир томондан ҳеч қандай тўсқинликка учрамай, мамлакатда фаолиятини давом эттирмоқда.
«Бу ОАВлар Россияда эркин ишлаш имкониятига эга. Ва биз бундан фахрланамиз. Ҳамкорларимизни ҳам бу ерда чет эл ОАВлари фаолияти учун қандай шароитлар яратилаётганига эътибор қаратишга чақириб қоламиз», — деди Песков.
Россия президенти матбуот котибининг қайд этишича, мамлакатдаги хорижий агентлар тўғрисидаги қонун чет эллик журналистлар фаолиятига халал бермайди. «Бу уларнинг фаолиятини шунчаки тартибга солади ва бу ОАВлар бажариши шарт бўлган мажбуриятларга қўшимча киритади, холос», — деди Песков.
5 декабрь куни Россия Адлия вазирлиги тўққиз ОАВни, хусусан, «Озодлик радиоси» ва «Америка овози»ни мамлакатдаги хорижий агентлар рўйхатига киритган эди. Шунингдек, хорижий агент сифатида тан олинган барча ОАВларнинг Россия парламентига кириши тақиқлангани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)