Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ОАВ ва журналистлар касб фаолиятини ҳимоя қилишга дахлдор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар бермоқда.
Депутатлар ўз ишини «‘Оммавий ахборот воситалари тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошлади.
Мазкур қонун лойиҳаси ривожланган демократик мамлакатлар — АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибаси, ОАВ соҳасидаги халқаро шартномаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Парламент вакилларига кўра, қонун қабул қилиниши ОАВ фаолияти эркинлиги, ахборотлардан эркин фойдалана олиши, уларни давлат органларининг ғайриҳуқуқий қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. ОАВни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек, интернет глобал тармоғидаги веб-сайтларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш муҳим жиҳат ҳисобланади.
Бундан ташқари, журналистлар ва ижодий жамоаларни уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш, молиявий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўли билан давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланади. Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фондлар фаолиятини ташкил этиш, таҳририятлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шундан сўнг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишнинг долзарблиги журналистлик фаолияти эркинлиги, ҳозирги замон халқаро тажрибаси ва қонун ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда журналистларнинг ҳуқуқий мақоми, аккредитация қилиш институти тушунчаси ҳамда аккредитация қилинган журналистларнинг ҳуқуқлари белгиланишини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш зарурати билан боғлиқ.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ҳамда жамоат манфаатларига молик долзарб масалаларни ёритишда журналистларнинг нуфузини ошириш мақсадини кўзлайди. Масс-медиа вакилларига журналистлик фаолиятини амалга оширишда қўшимча ҳуқуқлар берилади.
Муҳокама якунларига кўра депутатлар мазкур қонун лойиҳаларини консептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ушбу ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.
Изоҳ (0)