Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2017 йилда ўнта олтин рудаси майдонларини ўзлаштириш истиқболларини ўрганиш учун тўртта хорижий компанияни жалб қилди. Бу ҳақда қўмита раиси Бобур Исломов Тошкентдаги Uzgeoinvest 2017 халқаро конференцияси чоғида маълум қилди, деб ёзади «Kommersant.uz». Унинг сўзларига кўра, Давлат геология қўмитаси Канаданинг B2Gold, Британиянинг NordGold, Туркиянинг TUMAD ва Жанубий Кореянинг Shindong Resources компаниялари билан битимлар имзолаган.
Қўмита раиси ушбу майдонлардаги истиқболли олтин захираларига аниқлик киритмади, уларни тадқиқ қилиш учун инвестицияларнинг умумий ҳажми тахминан 8 миллион долларга етишини айтди. Битим икки йиллик бўлиб, шундан кейин инвесторлар ўз тадқиқотлари асосида лойиҳанинг навбатдаги босқичлари — конларни қазиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини қуриш ҳақида қарор қабул қилиши керак.
«Инвесторлар лицензия расмийлаштирмасдан дастлабки текширувларни ўтказа олади, бу технологияларни ва хорижий компанияларни жалб этишни тезлаштиради», — деди Исломов.
Давлат геология қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қимматбаҳо металлар бўйича 12 та кон ва 31 та истиқболли майдон рўйхатини тасдиқлаган, улар 151 тонна олтин ва 1,2 минг тонна кумуш захирасига эга деб прогноз қилинган.
Изоҳ (0)