Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги 14 ой ичида Ўзбекистонда 16 нафар сиёсий активист қамоқдан озод қилинган, деб ёзади «1news.uz».
«Бу катта рақамлар. Бизда ‘сиёсий маҳбус’ термини борасида ҳам ҳукумат билан алоқа йўлга қўйилган. У ҳукумат учун нозик терминлигини тушунамиз, аммо шунга қарамай, улар бундай масалалар бўйича биз билан музокараларга киришганидан жуда хурсандмиз», — деди HRW’нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.
У етти йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти делегациясининг мамлакатга келишига рухсат берганини эслатди. Унинг айтишича, бу «аввал бўлмаган кўплаб ижобий ўзгаришлар»ни кўриш имконини берган.
Свердлов, унинг фикрича, ўзбек жамиятидаги сўнгги ўзгаришларни яққол намоён қилувчи асосий йўналишларни айтиб ўтди.
«Янги ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги масофа аҳамиятли даражада қисқараётганини кузатяпмиз. Ушбу жараённи энг кўп президент виртуал қабулхонаси ўзида мужассамлаштиради», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, алоҳида прогрессни ташкилот долзарб мавзуларни кўтаришни бошлаган ОАВлар фаолиятида кўрмоқда.
Свердлов таъкидлашича, турли учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ҳукумати HRW’га мамлакатда доимий асосда ўз фаолиятини амалга ошириш имконини бериш бўйича сиёсий иродасини намоён қилган. У иккала томон ҳам мавжуд тўсиқни енгиб ўтиш учун биргаликда ишлашни давом эттиришига ишонч билдирди.
Изоҳ (0)