Футбол бўйича Ўзбекистон Кубогининг «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари ўртасидаги финал ўйинидан кейин мухлислар майдонга тушиб кетди.
ЎФФ қарорига кўра, финал учрашувига кириш бепул қилиб қўйилганди. Норасмий манбаларнинг маълумот беришича, шу куни олий ўқув юртлари талабалари финални кўриш учун олиб келинган. Натижада «Бунёдкор» стадиони мухлислар билан тўлган.
Беллашувдан сўнг ташкилотчилар стадионга келган мухлислар учун 3 минг дона тўпни совға тариқасида беришни режалаштирганди. Улар секторларга қарата бирма-бир тепилиши кўзда тутилганди. Бироқ 30 мингдан зиёд ишқибоз ҳозир бўлган стадионда тартибсизлик келиб чиқди. Тўпни кутишга сабри чидамаган мухлислар майдонга югуриб тушиб кетди.
Шу тариқа ғолиб жамоа «Локомотив»га кубокни топшириш маросими бироз кечикди. Хавфсизлик таъминловчилари то мухлисларни ҳайдаб чиқармагунича, бу маросим иштирокчилари кутиб турди. Қайд этиш керак, шу куни кубокни топшириш учун ОФК президенти Шайх Салмон шахсан ташриф буюрганди.
Изоҳ (0)