Хитой Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли иккинчи авиаташувчи жорий йилнинг декабрь ойида денгизда синовдан ўтказилади. Бу ҳақда Sina порталига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, яқинда кемага 052D лойиҳасидаги эсминецларга ўрнатилган 346А фаол антеннага эга радиолокацион станция ўрнатилган.
3 декабрь куни авиаташувчи устида тутун пайдо бўлган, бу янги куч қурилмаси ишга туширилганини билдириши мумкин. Кема 10 декабрь куни ёки ойнинг охирида денгизга туширилиши кутилмоқда.
Авиаташувчи тўлиқ Хитой томонидан қурилган ушбу турдаги биринчи кема ҳисобланади. Ҳозирча унинг номи йўқ, бироқ у Хитой ОАВларида «Шаньдун» ёки 001А лойиҳаси номи билан танилган.
Кема жорий йилнинг 26 апрелида сувга туширилган ва у 2020 йилга қадар ҳарбийларга топширилиши керак эди. Бироқ Гонконг ОАВларининг маълумотларига кўра, Пекин ушбу жараённи тезлаштирган ва уни 2018 йилнинг охирига қадар тайёр ҳолга келтириш ниятида.
2012 йилдан буён Хитойда ягона — «Ляонин» авиаташувчиси мавжуд бўлиб, у 1998 йилда Украина томонидан сотиб олинган «Варяг» аваиташувчи крейсери базасида яратилган.
Изоҳ (0)