Янги Зеландия аҳолиси Данидин шаҳридаги 80 йилдан бери шоколад ишлаб чиқарувчи фабрикани сақлаб қолиш учун икки миллион Янги Зеландия доллари хайрия қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Фабрикага эгалик қилувчи Mondelez International компанияси 2018 йилда Данидиндаги Cadbury заводини ёпиб, шоколад ишлаб чиқаришни Австралиядаги йирикроқ заводда давом эттиришини маълум қилди.
Шундан сўнг «Фабрикани сақлаб қол» маҳаллий гуруҳи икки миллион Янги Зеландия доллари эвазига уни харид қилишга уринди, бироқ келишув амалга ошмади.
Сўнгра фаоллар маҳаллий шоколад ишлаб чиқарувчи Ocho фабрикаси билан уларнинг бизнесини кенгайтириш ва янги ишчиларни, хусусан Cadbury ходимларини ишга қабул қилиш имконини яратиш учун бирлашди. Улар шу тарзда шоколад тайёрлаш анъанасини сақлаб қолишга қарор қилди.
Кампания ташаббускори Жим О Маллининг таъкидлашича, хайрия нафақат Янги Зеландиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам амалга оширилган. Икки кундан камроқ муддатда 3,5 минг киши хайрия қилган.
100 доллар хайрия қилган ҳар бир кишига компания томонидан акция, шунингдек фабрика томонидан ишлаб чиқарилаётган шоколадларга 20 фоизли умрбод чегирма ваъда қилинган. Фуқаролар ўртача 700 Янги Зеландия доллари миқдорида хайрия қилган.
Изоҳ (0)