Ўзбекистонда банкоматлар сони ўсишда давом этади. Йил охирига қадар мамлакатнинг бир неча банки 200 га яқин банкомат олиб киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов баёнот берди, деб хабар қилади «Kommersant.uz».
Унинг таъкидлашича, «бу маҳсулот мамлакатда оддий сабабга кўра ривожланмаган эди — мамлакатда нақд маблағ билан таъминлаш муаммоси бор эди».
«Банкоматлар сотиб олишдан ҳеч қандай маъни йўқ эди. Ичида нақд пул бўлмаса, ўрнатиб нима керак? Ҳозир биз нақд маблағ муаммосини ҳал қилдик. Энди банкоматларнинг тарқалиши банкларнинг имкониятларига боғлиқ. Бир томондан, бизда банкоматлар деярли йўқлигини инобатга олсак, бу жуда катта капитал киритмаларни талаб қиладиган инфраструктурадир», — таъкидлади Ишметов.
Шунингдек, у Марказий банк ушбу жараёнларга кўп аралашмасликка ҳаракат қилаётганини таъкидлади:
«Ўтган йиллар амалиёти исботлади: Марказий банк аралашиб, банкларга нима қилишни ўргатганда, исталган нарса амалга ошмайди».
Изоҳ (0)