14 ноябрь куни кечқурун Польшанинг Гдиня шаҳрида Thomson Reuters агентлиги биносида 30 ёшли беларуслик отишма уюштирди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Таъкидланишича, Glock тўппончаси ва узун стволли милтиқ билан қуролланган эркак бинонинг иккинчи қаватига кириб, у ердаги заллардан бирида ўт очган.
Эркак ўз ҳамкасбини нишонга олган, натижада одамлар қочишни бошлаган, улардан бири эса қуролланган ўқотарга ташланган. Шу сабабли ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади.
Полиция воқеа жойига етиб келиб, ушбу фирмада ишлайдиган 30 ёшли беларусликни ҳибсга олди.
Эркакнинг ҳамкасблари айтишича, у камгап одам бўлиб, ишда ҳеч ким билан салом-алик қилмаган, дўстлари бўлмаган ва тез-тез оиласига қўнғироқ қилиб турган. Агентликда у маълумотлар базасига фирма рапортларини киритиш билан шуғулланган.
Айни вақтда Reuters компаниясига яқин манбалар воқеа тасодифий бўлганини айтмоқда: беларуслик машғулотдан қайтаётиб, ўз тўппончасини ҳамкасбига кўрсатиш учун бинога кирган. Қуролни кўрган бошқа одамлар саросимага тушиб қолган. Эркакнинг қўлидан қуролни олиб қўйишга уриниш чоғида тасодифан иккита ўқ узилган.
Изоҳ (0)