Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Германиянинг етакчи банклари билан умумий миқдори 950 миллион еврога тенг бўлган заём келишувларини имзолади.
Келишувларга 2017 йил 14—17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг ГФРга амалга оширилаётган ташрифи доирасида эришилди.
2017 йилнинг 15 ноябрь куни Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон—Германия бизнес-форуми бўлиб ўтди, тадбир давомида Ўзмиллийбанк ГФРнинг етакчи молия муассасалари билан келишувлар тўпламини имзолади.
Энг йирик келишув Deutsche Bank AG билан имзоланган бўлиб, унинг миқдори 500 миллион еврони ташкил этади. У Ўзбекистонда кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.
Шунингдек, Commerzbank AG билан 350 миллион евро ҳамда AKA Bank билан 100 миллион евро микдоридаги келишувлар имзоланди. Улар инвестиция лойиҳалари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришни назарда тутади.
Имзоланган заём келишувлари «кафолатланмаган», яъни давлат кафолати тақдим этилишини талаб қилмайди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)