«Сурия демократик кучлари» (SDF) отрядлари АҚШ бошчилигидаги коалиция билан келишган ҳолда ИШИД жангариларини Раққадан олиб чиқиб кетиш борасида террорчилар билан келишувга борган эди. Бу ҳақда BBC ўз манбаларига асосланиб маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсант.ru».
Хусусан, жангарилар эвакуациясида иштирок этган машиналардан бирининг ҳайдовчиси Абу Фавзи SDF улардан жанговар ҳаракатлар туфайли кетишга мажбур бўлган тинч фуқаролар конвойига раҳбарлик қилишни сўраганини айтди. Бу иш эвазига ҳайдовчиларга минг доллар ваъда қилинган.
Яна бир ҳайдовчи жангарилар кетаётган конвой 6–7 километр масофани эгаллаганини, унинг таркибида 50 юк машинаси, 13 автобус ва юздан ортиқ шахсий машина бўлганини айтди.
«Биз SDF билан бўлишимиз керак эди, аммо биз ёлғиз кетганмиз. Етиб келишимиз билан, қўлида қурол, эгнида худкуш нимчаси бор ИШИД жангариларини кўрдик. Улар бизни пистирмага етаклади. Агар бирор нарса нотўғри кетса, улар бутун конвойни портлатиб юборар эди. Уларнинг ҳатто болалари ва аёлларида ҳам худкуш камарлари бор эди», — деди Абу Фавзи.
BBC суриштируви материалларидан ўрин олган бир видеода Раққадан тиркамали юк машиналари ва автобуслар чиқиб келаётгани, уларда қуролли одамлар ўтиргани акс этган. Телеканал ижодкорларининг таъкидлашича, шаҳарни 250 жангари ҳамда уларнинг 3,5 минг нафар оила вакили тарк этган.
Бундан ташқари, Раққадан чет эллик ёлланма жангарилар, Франция, Туркия, Озарбайжон, Покистон, Яман, Саудия Арабистони, Хитой, Тунис, Миср вакиллари олиб чиқилган.
Изоҳ (0)