Ироқда Бағдоддан шимолда жойлашган коалициянинг Тожи ҳарбий лагерида америкалик 35 ёшли ярадор офицер ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ҳарбий хизматчининг яраланиши «жанговар ҳаракатлар билан боғлиқ эмас». Унинг исми Ли М. Смит бўлган.
Марҳум ҳарбий Техас штатининг Арлингтон шаҳридан эди. Смит АҚШ ва унинг иттифоқдошлари томонидан ИШИД жангариларига қарши ўтказилаётган «Мустаҳкам қатъият» операциясида иштирок этган эди.
Офицернинг ўлими юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Август ойида Пентагон вакили Ироқ шимолида артиллериядан янглиш ўққа тутиш оқибатида икки нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
АҚШ мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, артиллерия ИШИД жангариларининг миномётдан ўқ отишига жавобан ўт очган эди.
«Шу вақтда хатолик юз берди, оқибатда эса етти киши жабрланди», — дейилади Пентагон хабарида.
Хабарда хатолик нима сабабдан юз берганига ойдинлик киритилмаган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)