Франциянинг Ядровий ва радиациявий хавфсизлик институти (IRSN) Европа узра сузиб юрган радиоактив булутни аниқлади. «Коммерсантъ»нинг мутахассислар ҳисоб-китобига асосланиб хабар беришича, ушбу булут Қозоғистон ё Россияда жойлашган объектда юз берган сизиб чиқиш оқибатида пайдо бўлган.
IRSN'нинг тахминича, сизиб чиқиш ҳолати сентябрь ойи охирида, ядровий ёнилғини қайта ишлаш марказида ёки тиббиёт муассасасида қайд этилган. Франциялик экспертлар бирор бир атом реакторида авария юз берган бўлиши мумкинлигига доир тахминларни истисно этди.
Сизиб чиқиш қайд этилган жой Урал тоғларидан жануброқда жойлашган. «Россия ҳукумати ўз ҳудудида бирор авария юз бергани ҳақида маълумот йўқлигини билдирди», — дея IRSN директори Жан-Марк Переснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Reuters.
Унинг айтишича, радиоактив булут таркибида рутений-106 изотоплари бор. IRSN мазкур сизиб чиқиш ҳолатини жиддий деб ҳисобламоқда. Институт ҳисоб-китобларига кўра, бундай булутнинг ҳосил бўлишига олиб келган авария муносабати билан одамлар муҳофазаланган иншоотларга кўчирилиши керак.
Изоҳ (0)