Америкалик режиссёр Ридли Скотт ва Sony Pictures киностудияси тайёрлаб бўлинган «Жаҳоннинг барча пуллари» фильмидан актёр Кевин Спейси иштирок этган ҳамма кадрларни кесиб ташлайди. Бу ҳақда, Deadline нашрига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Бу кадрлар янги актёр — Кристофер Пламмер иштирокида қайтадан суратга олинади.
Режиссёр ва продюсерлар Кевин Спейси атрофидаги можаро фильмнинг прокатдаги муваффақиятига зиён келтириши ва кинофестиваллардаги мукофотларга даъвогарлик қилиш имкониятини туширишини инобатга олиб шундай қарорга келди.
Қайта суратга олиш ишлари дарҳол бошланиши кутилмоқда. Уларда Марк Уолберг ва Мишель Уильямс иштирок этади — улар ҳам Кевин Спейси билан бир саҳналарда ўйнаган эди. Съёмка гуруҳи ишни фильмнинг прокатга чиқиши кунига — 22 декабрга қадар тугатмоқчи.
Deadline маълумотига кўра, Спейси фильмни суратга олиш майдончасида 8–10 кун ишлаган. Релизга қадар гуруҳ саҳналарни қайта суратга олиб, қайтадан монтаж қилиб чиқишга, шунингдек, реклама материалларини тайёрлашга улгуриши лозим.
Режиссёр Ридли Скоттнинг «Жаҳоннинг барча пуллари» фильми 1973 йили америкалик миллиардер Жан Пол Геттининг набираси олиб қочиб кетилишига бағишланади. Картина мавсумнинг энг кутилаётган фильмларидан биридир.
Изоҳ (0)