Ливан бош вазири Саъд Ҳаририй истеъфо берди, дея хабар бермоқда «РИА Новости». Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, унга нисбатан суиқасд тайёрланаётган бўлган. У Эронни араб минтақасини издан чиқаришга уринишда айблади.
Саъд Ҳаририй ўз истеъфоси ҳақида 4 ноябрь, шанба куни маълум қилди. Унинг отаси Рафиқ Ҳаририй 2005 йили, Ливан бош вазири сифатида фаолият юритаётган вақтда суиқасд оқибатида ўлдирилган эди.
«Биз ҳозир Рафиқ Ҳаририй ўлими арафасидаги вазиятга ўхшаш муҳитда яшамоқдамиз. Мен ҳаётимга суиқасд уюштириш бўйича махфий тайёргарлик олиб борилаётганини сездим», — деди Ҳаририй. Унинг баёноти Al Arabia телеканали орқали намойиш этилди.
Ҳаририй шиаларниинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини кескин танқид қилиб, Эронни «араб дунёсини бузиш»га уринишда айблади. У «араб жамияти, ўтмишда бўлгани каби, исён кўтариб, Эроннинг қўлларини боғлаб қўйишига» ваъда берди.
Суннийларнинг «Мустақбол» партияси етакчиси ҳисобланган Саъд Ҳаририй 2016 йили ўз фаолиятида иккинчи марта Ливан бош вазири этиб тайинланган эди. Бунгача у 2009—2011 йилларда Ливан ҳукуматига раҳбарлик қилган.
Изоҳ (0)