Бразилияда қароқчилар ҳужумига учраган, бироқ улардан қочиб қутула олган тўрт кишилик америкалик оила топилди, деб ёзади «Globo.com» янгиликлар портали.
АҚШ фуқаролари 30 октябрь, душанба куни йўқолиб қолган: қароқчилар сайёҳларни Амазонка дарёсининг нариги қирғоғига олиб ўтаётган кемага ҳужум қилган. Ёвуз ниятлилар йўловчиларнинг нарсаларини ўғирлаб кетган, саёҳатчиларнинг ўзлари улардан қочиб қолишга муваффақ бўлган.
Хабар берилишича, қароқчилар дарёда сёрфинг тахтасида ҳаракатланган. Эр-хотин ҳамда уларнинг 7 ва 3 ёшли фарзандларини 1 ноябрь, чоршанба куни Пара штатидаги қишлоқ аҳолиси кўриб қолган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар қаттиқ қўрққан ва тинка-мадори қуриган ҳолатда бўлган. Аммо шифокорлар уларда ҳашаротлар чаққан жойлардан ташқари, ҳеч қандай шикастланишларни аниқламаган.
Қутқарилган аёлнинг отаси айтиб беришича, оила Калифорнияни беш йил аввал тарк этган ва ўша вақтдан буён машинада Лотин Америкасининг турли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиб юрган.
Полицияда ҳужум қилган қароқчилар қўлга олинганини маълум қилишди.
Изоҳ (0)