София исмли аёл роботга Саудия Арабистони фуқаролиги берилиши ҳақидаги қарор жамоатчилик танқидига учради. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Муқаддам Саудия Арабистони роботга фуқаролик тақдим этган биринчи давлат бўлгани хабар қилинган эди.
Мамлакатда аёл фуқаролар ҳижоб ўраб юриши ва араб тилини билиши талаб этилади. Шу боис ҳижоб ўрамайдиган ва араб тилини билмайдиган роботга фуқаролик тақдим этилиши маҳаллий аҳоли вакилларининг эътирозларига сабаб бўлди.
Бундан ташқари, мамлакатда аёллар бирор васий эркак ҳамроҳлигида юриши ва айрим ишларни уларнинг рухсати билан бажариши белгиланган. София эса ҳеч қандай эркак васийлигида эмас.
Бундан ташқари, Ғарб давлатлари фуқаролари ва айрим Голливуд юлдузлари Саудия расмийларини танқид остига олди. Twitter’да «София васийликни бекор қилишга чақиради» ҳештеги машҳурликка эришди.
«Бу роботда фуқаролик бор, аммо одамлар ҳалиям бошқа одамларни қонундан ташқари деб ҳисоблайди», — деб ёзди ўз микроблогида актриса Розарио Доусон.
«Саудия Арабистони робот Софияга фуқаролик бергани, унда бу ердаги аёллардан кўра ҳуқуқ кўпроқ эканлиги ғалати эмасми?», — деб савол беради Twitter’нинг яна бир фойдаланувчиси — Irishsweets.
«Бир куни Софияга айланиб, ўз ҳуқуқларимга эга чиқмоқчиман», — деб ёзди саудиялик фойдаланувчи Indeed.
Изоҳ (0)