Ҳозирда Нью-Йоркдан Лондонгача тижорий йўловчи авиакомпаниясида парвоз қилиш деярли етти соатни ташкил этади. SpaceX бош директори Илон Маск ушбу масофа 30 дақиқада ичида босиб ўтилишини хоҳламоқда. Бу ҳақда Time out нашрига таяниб, Forum Daily хабар берди.
Ўтган ой Австралияда бўлиб ўтган Халқаро астронавтлар конгрессида (IАC2017) у Марсга инсонни олиб бориши мумкин бўлган, шунингдек, Ернинг ихтиёрий нуқтасига йўловчиларни катта тезликда етказиб борадиган BFR транспорт тизими лойиҳасини тақдим этди.
«Агарда биз ушбу қурилмани Ой ёки Марсга парвоз қилиш мақсасдида қурадиган бўлсак, нега энди ундан одамларни Ер бўйлаб ташишда фойдаланмаслигимиз керак», — дейди Илон Маск.
SpaceX видеоролигида йўловчилар катта паромда Нью-Йоркдаги причалдан сузувчи платформага қадар йўл олади. У ердан йўловчилар Маск 2024 йилда Марсга одамларни учиришда фойдаланишни мўлжалланган ракетага ўтиришади.
Шундан сўнг, улар Ер атмосферасини тарк этиб, Ернинг бошқа томонидаги шаҳар — Шанхайга йўл олади. 39 дақиқалик парвоз давомида 7000 милга яқин масофа босиб ўтилади.
Шунингдек, видеода бошқа маршрутларни ҳам кўриш мумкин: Гонконгдан Сингапурга 22 дақиқа, Лондондан Дубай ёки Нью-Йоркка 29 дақиқа, Лос-Анжелесдан Торонтога 24 дақиқалик масофа.
Маскнинг сўзларига кўра, кеманинг тезлиги соатига 18 минг милни ташкил этиши мумкин. Космик кеманинг узунлиги 48 метрга тенг бўлади ва унга 120 киши — 40 та кабинага 3 тадан одам сиғади.
Изоҳ (0)