Нью-Йоркда теракт уюштирган асли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов ИШИД террорчи ташкилоти билан боғлиқ эди ва АҚШга келганидан сўнг радикал ғояларни ўзига сингдириб олган эди. Бу ҳақда Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«У — қўрқоқ, мана у нима, у ИШИД билан боғлиқ эди, у мамлакатимиз ичида радикаллашган эди», — деди Куомо.
Шунингдек, Куомо Соипов ёлғиз ҳаракат қилганини, одамларни уриб юборишда ишлатган юк машинасида қолдирган мактубида ИШИД номидан бу ишларни амалга оширганини тан олганини билдириб ўтди.
Муқаддам Сайфулло Соиповнинг танишлари унинг феъл-атвори ҳақида сўзлаб берган эди.
«У жудаям босиқ эди. Тинимсиз ишларди. Турли кечалар ёки бошқа жойларга бормасди. У уйга келиб дам олар ва яна ишга қайтиб борарди», — деганди унинг танишларидан бири — Дилноза Абдусаматова.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)