Таксига онлайн буюртма бериш имконини тақдим этувчи Американинг Uber компанияси Нью-Йоркда 31 октябрь куни юз берган теракт ижрочиси деб гумон қилинаётган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов ҳақиқатан ҳам мазкур сервисда ҳайдовчи бўлиб ишлаганини тасдиқлади. Бу ҳақда, Uber’нинг тегишли баёнотига асосланиб, Business Insider нашри хабар бермоқда.
«Биз шафқатсизликнинг бундай маънисиз намоён бўлишидан даҳшатга тушдик. Ҳозир қалбимиз қурбонлар ва уларнинг оила аъзолари билан бирга. Биз ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғландик ва уларга тўлиқ кўмак кўрсатишга тайёрмиз», — дейилади компания баёнотида.
Uber’дагиларнинг қайд этишича, Соипов компанияда олти ойдан зиёд вақт давомида ишлаган ва бу давр ичида 1 400 дан ортиқ буюртмани бажарган, шундан сўнг компания у билан ҳамкорликни тўхтатган. Ҳамкорлик нима сабабдан тўхтатилганига аниқлик киритилмаган.
Uber’да иш бошлашдан аввал Соипов сервис ҳайдовчилари учун одатий ҳисобланган текширувдан ўтган — унга кўра, ҳайдовчи ўта оғир жиноятлар бўйича судланмаган бўлиши, сўнгги уч йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини уч мартадан кўп бузмаган бўлиши ҳамда АҚШ намунасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига бир йилдан ошган бўлиши керак.
31 октябрь, сешанба куни пикап ҳайдаб келаётган эркак машинасини одамлар устига ҳайдаган; ҳодиса оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган. ОАВ маълумотига кўра, автомобиль рулида келиб чиқиши ўзбекистонлик Сайфулло Соипов бўлган. Маҳаллий маъмурият Соипов машинани қасддан одамлар устига ҳайдаган деб ҳисобламоқда, ҳодиса эса террорчилик ҳаракати дея баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)