DJ Mag журнали ҳар йилги дунёнинг энг яхши дижейлари рейтингини эълон қилди. Рўйхатдан 100 нафар мусиқачи ўрин олди, деб хабар берди DJ Mag нашрининг сайти.
Рейтингга 21 ёшли нидерландиялик Мартин Гаррикс етакчилик қилди. У кетма-кет иккинчи бор биринчиликда эгалламоқда. 2016 йилда мусиқачи DJ Mag рейтингидан ўрин олган энг ёш дижейга айланган эди.
Иккинчи поғонани бельгиялик Dimitri Vegas & Like Mike дуэти эгаллади. Авваллари беш бора DJ Mag рўйхатига етакчилик қилган дижей Армин ван Бюрен бу сафар учинчи ўриндан жой олди.
Шунингдек, рўйхатдаги дастлабки ўнталикни Hardwell (Роберт ван де Корпут), Tiësto (Тейс Вервест), The Chainsmokers дуэти, Дэвид Гетта, Afrojack (Ник ван де Валл), Стив Аоки ҳамда америкалик Marshmello (Крис Комсток) каби дижейлар банд этди. Рўйхат обуначиларнинг овозлари асосида тузилди.
Август ойида Forbes журнали 2017 йилнинг энг кўп маош олган дижейлари рўйхатини тақдим этганди. Биринчи ўринни 48,5 миллион доллар ишлаб топган нидерландиялик Келвин Ҳаррис эгаллаган эди.
Изоҳ (0)