Тошкент ички ишлар бош бошқармаси пойтахтдаги барча коллеж ва лицейларни оммавий текширувдан ўтказмоқда. Бу ҳақда бошқарма бошлиғи Баҳодир Қурбонов маълум қилди, деб хабар беради 1News.
Унинг айтишича, бу Тошкент юридик коллежида яқинда рўй берган пичоқбозлик ҳолатига нисбатан жавоб чоралари бўлди. Давлат раҳбари талабига кўра, коллежларда профилактика инспекторлари учун алоҳида хона ажратилган бўлиб, у ўша ерда ўтириши ва ишлаши лозим. Инспекторлар бошқарма буйруғи билан ҳар бир коллежга бириктирилган.
«Тошкент шаҳридаги 115 коллеж ва лицейда ўқувчилар иштирокида 2016—2017 йилларда содир этилган жиноятлар таҳлил қилинмоқда. Уларнинг натижаларини ошкор этиб ўтирмоқчи эмасман, бироқ Тошкентда умуман ҳеч қандай салбий ҳодисалар юз бермаган коллежлар бор. Уларда тартиб-интизом ўта қаттиқ, форма кийилади, қўшимча машғулотлар бор», — таъкидлади бошқарма бошлиғи.
«Юридик коллеж директори ўз ўғли ва қизини ўқитувчи сифатида расмийлаштирса, биз ўқувчилар давоматини текшириш билан овора бўлсак, аммо ўқитувчиларнинг ўзи ишга келмаса нимани талаб қилиш мумкин?» — деди Баҳодир Қурбонов.
Маълумот учун, Тошкент юридик коллежи директори Наталя Темирова ҳодиса содир бўлганидан кейиноқ, 2017 йил 7 октябрда ишдан бўшатилди. Пойтахт прокуратураси томонидан унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Изоҳ (0)