«Tashkent City» ДУК вакиллари Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects компанияси меъморлари билан учрашди, деб ёзади «1News.uz».
Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази лойиҳаси концепциясини тайёрлаш доирасида Туркия, Сингапурдан бир қатор машҳур хорижий компаниялар, шунингдек, маҳаллий компаниялар таклиф этилди. Tashkent City лойиҳаси бўйича саккизта мастерплан тайёрланиб, кўриб чиқиш учун республика раҳбариятига тақдим этилди. Кўриб чиқиш якунлари бўйича Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects компанияси мастерплани тасдиқланди.
Tabanlıoğlu Architects компанияси меъморлари билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилиниб, ишларнинг янги босқичи бошланиш муддати белгиланди. Меъморлар олдида ишларнинг навбатдаги босқичини белгиланган муддатда бажариш вазифаси турибди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент марказидаги Алишер Навоий, Олмазор, Фурқат ва Ислом Каримов шоҳ кўчалари оралиғидаги 80 гектар майдонни эгаллайдиган Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази концепцияси маъқулланди.
Тошкент сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани ва шаҳарнинг тарихан шаклланган меъморий қиёфаси мавжудлигидан келиб чиқиб, Tashkent City концепцияси табиат билан ҳамоҳанглик ва замонавий урбанистик ғоялар асосида ишлаб чиқилган. Унда иш билан боғлиқ фаолликнинг яшил шаҳар ғоялари, сувнинг салқини, ҳордиқ учун хиёбонлар билан уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Шулардан келиб чиқиб, бизнес офислари, меҳмонхона ва апартаментлар учун мўлжалланган баланд бинолар қаватлари сонини 40 тадан, турар жой бинолари қаватлари сонини эса 12 тадан оширмасликка қарор қилинди. Бундан ташқари, комплекс ҳудудида конференс ва кўргазма марказлари, гипермаркет, кўплаб савдо майдонлари, ресторан ва кафелар бўлади.
Изоҳ (0)