Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агрепина Шин мактабгача таълим вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбасига таяниб, «Газета.uz» нашри хабар бермоқда.
Шу пайтга қадар халқ таълими вазири биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Собитхон Турғунов вазир ўринбосари этиб тайинланди.
Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрдаги қарори билан ташкил этилди.
Вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини кенгайтириш, уларни юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларнинг мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олинишини ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича вазифалар қўйилган.
Изоҳ (0)