Бир муддат аввал Россия таркибидаги республика — Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри яқинидаги катта автотураргоҳда GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган юзлаб Matiz, Gentra, Nexia автомобиллари камида икки йилдан бери қаровсиз ётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Дастлабки хабарларда мазкур автомобилларни тасарруф этувчи Уфадаги маҳаллий автосалон солиқдан катта қарздорлик сабаб хонавайрон бўлгани, суд иши чўзилиб кетгани сабаб, автомобиллари қўриқлов тизими мавжуд махсус тураргоҳда бир неча йилдан бери қолиб кетгани таъкидланган эди.
Мавзуга доир: Бошқирдистонда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган минглаб Daewoo автомобилларидан иборат тураргоҳ аниқланди
«За рулём» нашрининг ёзишича, бу автомобиллари Россиянинг Воронеж шаҳридаги автосалон томонидан сотиб олинган ва бу юзлаб машиналарнинг эгаси ҳам ўша Воронеждаги автосалон ҳисобланади. Қайд этишларича, автомобилларнинг бир қисми ҳали ҳатто божхона расмийлаштирувидан ҳам ўтмаган.
«Воронеждаги автосалоннинг ҳозирги кундаги асосий бош оғриғи — қолиб кетган бу автомобилларни босқичма-босқич сотиш ва техникани божхона расмийлаштирувидан ўтказишдир», — деб ёзади «За рулём» нашри.
GM Uzbekistan мазкур хабарларга ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
Изоҳ (0)