Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Амир Темур номидаги истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. «Ёш чеварлар», «Ёш рассомлар», «Ёш шахматчилар», «Ёш ижодкорлар», «Ёш сартарошлар» каби ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.
Президент Ёшлар марказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
«Биз бу каби замонавий иншоотларни кўплаб қуришимиз мумкин. Лекин унинг ичида қандай таълим-тарбия олиш, ҳунар ўрганиш сиз ёшларнинг интилиш ва ташаббусларингизга боғлиқ», — деди давлат раҳбари.
Президент турли сабабларга кўра тўғри йўлдан адашиб қолган ёшларни соғлом ҳаётга қайтаришда уларнинг тенгдошлари ёрдам бериши кераклигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев вилоятнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди.
Изоҳ (0)