Ўзаро ҳамкорликнинг иккинчи босқичи доирасида Тошкентнинг «Локомотив» клуби икки ёш футболчисини Англиянинг «Флитвуд Таун» клубига жўнатди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.
2015 йил ҳар икки клуб ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, аввалига «Локомотив» раҳбарияти Англияда бўлган, кейин инглизларнинг ўзи Тошкентга келганди. «Темирйўлчилар» клуб имиджини шакллантириш учун ҳам Англия қуйи дивизионида иштирок этадиган жамоа билан ҳамкорлик қилишни истаган.
Бунинг натижасида «Флитвуд Таун» 2015 йил ўзбекистонлик икки ёш футболчи — дарвозабон Рустам Нортожиев ҳамда ҳимоячи Сергей Прохоровни 3 ойлик машғулотлар учун Англияга таклиф қилганди. 2017 йилнинг иккинчи ярмига келиб эса, «Флитвуд Таун» яна икки нафар футболчини чақириб олган.
Айнан инглиз клуби илтимосига кўра, дарвозабон Рустам Нортожиев иккинчи бор футбол ватанига борди. Унга бу сафар 17 ёшли Хурматбек Йўлдошев ҳамроҳлик қилган. Улар 3 ой давомида туманли Албионда истиқомат қилиб, «Флитвуд»нинг ёшлар жамоаси таркибидаги ўйинларда иштирок этади.
Изоҳ (0)