АҚШ ва Туркия ўртасида визага оид келишмовчиликлар авж олди, деб хабар беради «РБК».
Анқара Туркия элчихоналари АҚШ давлат департаментининг муқобил қарорига жавобан америкаликларга виза беришни тўхтатишини маълум қилди.
Мазкур қарор АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси мамлакат фуқароларига виза беришни тўхтатганини эълон қилганидан бир неча соат ўтгач қабул қилинди.
Туркиянинг АҚШдаги элчихонаси сайтидаги хабарда турк дипломатлари «АҚШ фуқароларига виза хизматларини кўрсатишни тўхтатгани» баён этилган.
Туркия томонининг баёнотида АҚШнинг мамлакатдаги элчихонаси баёнотидаги жумлалар такрорланади.
Иккала баёнот ҳам «сўнгги ҳодисалар ҳукуматнинг мажбуриятлари ҳақидаги масалани қайта кўриб чиқишни тақозо этди», деб бошланади.
Виза борасидаги санкциялар Туркия ҳукумати Америка консуллиги ходими Метин Топузни ҳибсга олганидан сўнг бошланди. У конституцияни бузиш ва жосусликда айбланди.
Маълум бўлишича, Топуз 2016 йилнинг июлида давлат тўнтаришига муваффақиятсиз уринган террорчилик ташкилоти раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гюленга алоқадор бўлган.
Шундан сўнг АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси Туркия фуқароларига виза беришни тўхтатганини маълум қилди.
Изоҳ (0)