Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқди, деб хабар беради парламентнинг расмий сайти.
Депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Мажлисда қонун лойиҳаси катта тарихий аҳамиятга эга эканлиги, орзулари, ниятлари бир қардош ўзбек ва қирғиз халқларини бир-бирига яқинлаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилиши таъкидланиб, депутатлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Шундан кейин бир гуруҳ депутатлар томонидан қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага биринчи ўқишда киритилган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ниҳоят, улар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди. Мазкур қонун лойиҳаси билан мулк жиноят қуроли сифатида фойдаланилганда, мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолатлар бўйича уни мусодара қилиш мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда. Депутатларнинг фикрича, қонунинг қабул қилиниши мамлакатда хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамланишига олиб келади.
Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)