КХДРда 3,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Хитой сейсмология марказининг (CENC) маълум қилишича, бунга портлаш сабаб бўлган бўлиши мумкин, деб хабар берди «РИА Новости».
Ер ости силкинишлари маҳаллий вақт билан соат 16:29 да, 41,36 даража шимолий кенглик ва 129,06 даража шарқий узунликда содир бўлган.
Таъкидланишича, зилзила ўчоғи Ер юзасида бўлган.
Шунингдек, Жанубий кореялик сейсмологлар ҳам КХДРнинг Кильчу ҳудудида (ядро полигони яқинида) 3,0 магнитудали ер қимирлашини қайд этган. Бироқ Жанубий Корея ушбу ер силкиниши ядровий синовларга боғлиқ бўлмасдан табиий эканлигини тахмин қилмоқда.
КХДР 3 сентябрь куни қитъалараро баллистик ракеталарга ўрнатиладиган водород бомбаси каллагининг синови муваффаятли якунланганини маълум қилганди. Сеул ва Токионинг баҳолашича, ушбу бомбанинг қуввати 160 килотоннага тенг.
Шу билан бирга, Пхеньян АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидидан сўнг, жавоб тариқасида Тинч океанида водород бомбасининг янги синовларини ўтказиши эҳтимолдан холи эмас.
Изоҳ (0)