Валюта йўналишидаги ислоҳотлардан кейин зарурияти ва пишиб етилганлиги борасида, балки ундан қолишмайдиган ислоҳотлар солиқ соҳасидаги ислоҳотлардир. Қувонарлиси, шу кунгача мазкур мавзу экспертлар ва мутахассислар томонидан бир неча бор ОАВ кун тартибига олиб чиқилди ва бундан буёғига ҳам токи эврилишлар фаол жараёнга киргунча турли кўринишдаги фикрлар янграшда давом этади.
Лекин билдирилаётган таклиф-у мулоҳазалар солиқлар сони, унга тортиш принциплари, уларнинг юкламаси, тўғри тақсимланганлиги ва солиқ маъмурчилиги билангина чекланиб қолаётгандек. Албатта, бу жуда муҳим. Аммо солиқ ислоҳотлари пайтида юз берадиган солиқ тушуми камайишини нима билан ва қандай тўлдириш ҳақида эса сукут сақланаётгандек.
Бугун қисқача шу ҳақда гаплашамиз.
Иқтисодиётимизда Солиқ юкининг биз билан бир – ривожланаётган тоифадаги давлатлардагига нисбатан анча юқори эканлиги кўпчиликка маълум. Солиқ соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот аввал бошданоқ солиқ юкини камайтиришни назарда тутади. Солиқ юкини камайтириш билан бирданига, эртагаёқ иқтисодиёт ривожланиб, унинг нофаол ёки яширин секторлари легаллашиб, солиқ базаси кенгайиб, солиқ тушумлари ортиб қолмайди.
Бунга вақт керак (ёдингизда бўлса, Халқаро пресс-клубдаги учрашувда Молия вазири ўринбосари Мубинжон Мирзаев кичик бизнес субъектлари учун ягона ижтимоий тўловнинг 25% дан 15% га камайтирилиши бирданига мазкур мажбурий тўлов тушумини кўпайишга хизмат қилмаганини тан олганди). Токи солиқ субъектлари янги шароитларга кўниккунга қадар, ислоҳотларнинг бардавомлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилингунча солиқ тушумлари камайиши юз беради. Бу жараён ислоҳотларнинг тез ёки босқичма-босқич ўтказилиши ёхуд бошқа бу билан узвий боғлиқ ислоҳотларнинг амалга оширилишига қараб 6 ойдан 2 йилгача давом этиши мумкин. Бюджет харажатлари эса қачон ислоҳотлар ўз самарасини бериб, тушумлар кўпайишини кутиб тура олмайди. Муҳим жиҳати шуки, буни ислоҳотлар аввалида аҳоли ва хўжалик субъектларига рўй-рост, очиқ-ойдин айтиш, етказиш керак. Қанчалар оғир бўлмасин, ислоҳотлар даврида ҳам Бюджетни узлуксиз ва муаммосиз тўлдириш керак бўлади. Бугунги тилда айтганда, давлат фуқаролар олдидаги ўз вазифасини тўла-тўкис бажара олиши учун бюджет кафолатланган бўлиши зарур. Хўш нима қилмоқ керак, солиқ тушумлари камайиши ва унинг оқибатларидан қўрқиб ислоҳотларни кейинга – истиқболдаги энг яхши даврларгача қолдириш лозимми ёки ислоҳотлар даврида бюджетни мувозанатлаш ва тўлдириш учун қўшимча манбаларни излаб топса бўладими?
Ислоҳотлар даврида янги солиқлар жорий этмай туриб бюджетни мувозанатлаш одатда асосан икки йўналишда амалга оширилади:
- Харажатларни қисқартириш;
- Қўшимча даромадлар топиш.
Ҳар қандай Солиқ ислоҳоти Маъмурий ислоҳотлар билан биргаликда ёки бирин-кетин амалга оширилади. Чунки иқтисодий пасайиш ёки турғунлик шароитининг юзага келишига кўпинча давлат аппарати ва унинг ваколатларининг ҳаддан зиёд кенгайиб кетиши, Марказ ва ҳудудларда ваколатлар тақсимотининг аниқ эмаслиги, бунинг оқибатида давлат хизматлари сифатининг пасайиши, бюрократия ва коррупциянинг авж олиши, алал-оқибат солиқлар юкини ортиб, айни пайтда уларнинг йиғилишини қийинлашувига сабаб бўлади. Айни пайтда давлат аппаратини сақлаб туриш бюджет харажатларининг энг юкламали ва салмоқли қисмини ташкил этади. Янги ва янги, маъмурчилиги мураккаб бўлган солиқларнинг пайдо бўлиши, самарасиз солиқ имтиёзлари ҳар доим давлат аппаратининг тинимсиз кенгайиб бориши шароитида юз беради. Образли айтганда оғир солиқ юки ва ҳаддан зиёд кенгайиб кетган давлат аппарати сиам эгизаклари сингаридир. Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармон бу йўналишдаги жуда муҳим ҳужжатдир. Маъмурий ислоҳотлар пировардида жамият ўзи учун ихчам, камхаражат, юқори самарадор ва албатта, барча босқичларда сайловчилар олдида ҳисобдор Давлат аппаратига эга бўлмоғи лозим.
Ислоҳотлар даврида харажатларни қисқартириш борасидаги яна бир муҳим йўналиш бу жамоат тартиби, хавфсизлик ва мудофаа билан боғлиқ бюджет харажатларидир. Олдинга ўтиб айтиш лозимки, бу масалада қайси харажатни қисқартириш-у, қайси харажатни мақбуллаштиришни айтиш мушкул. Зеро мамлакатимизда мустақил бюджет тизими шаклланибдики, бу йўналишдаги харажатлар таркиби ва мундарижаси батафсил ошкор этилмайди.
Шаклланган қоидаларга кўра, бюджет тасдиқланаётганда ёки унинг ижроси ўрганилаётганда мазкур харажатлар ё умумийлаштирилган модда ёки бошқа харажатлар умумий рукнида қайд этилади. Албатта, давлатчилигимиз эндигина оёққа туриб шакллана бошлаган илк йилларда, ички ва ташқи душманларимиздан эҳтимолий хавфлар бартараф этилмаган шароитларда бу тушунарли ва ҳатто зарурий ҳолат эди. Фуқаролик жамияти шакллана борар экан, Президент таъбири билан айтганда жамиятимиз аъзолари савол беришни ҳам, жавоб олишни ҳам ўргана бошлашлари керак. Бюджетнинг ҳар бир моддаси, унинг мундарижаси бўйича очиқлик ва шаффофликни шакллантирмай туриб, харажатлар самарадорлигини назорат этиб бўлмайди. Масалан, Президент ташаббуси билан Ички ишлар соҳасида бошланган ислоҳотлар самарасини ҳам охир-оқибатда соҳани молиялаштириш шаффофлиги ва очиқлиги белгилайди. Қолганини закий ўқувчи ўзи давом эттириши ва тушуниб олиши қийин эмас.
Қўшимча даромадлар топиш
Бир ёки бир нечта ислоҳотлар узлуксиз ёки бир вақтда ўтказилаётган шароитларда бюджет дефицитини ноэмиссион ва инфляция яратмайдиган воситаларни қўллаган ҳолда ва ташқи қарзларга мурожаат этмасдан тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Бу ерда истисно бўлиши мумкин эмас.
Солиқ ислоҳотларини ўтказган қатор давлатлар тажрибасини ўргансак, уларда ислоҳотлар даврида бюджетни тўлдиришнинг энг кенг тарқалган услуби сифатида хусусийлаштириш жараёни танланганини кўрамиз. Бизда ҳам мазкур услуб маълум муддатгача қўл келиши мумкин. Иқтисодиётимизнинг қатор тармоқлари, хусусан, қишлоқ хўжалиги (айниқса пахта ва ғаллани бирламчи қайта ишлаш), озиқ-овқат саноати (ёғ-мой), нефть-газ ва энергетика, банк тизими ва транспортда (темир ва ҳаво йўллари) давлатнинг улуши ҳаддан зиёд юқори ёки тўлиқ давлат томонидан назорат қилинади. Эътиборли томони шундаки, бу соҳаларда давлатнинг билвосита иштирокисиз ҳам етарли даражада мувозанатланган ва рақобатли бозорни шакллантириш мумкин. Валюта сиёсати эркинлашуви ортидан ва умид қилаётганимиз — мулк ҳуқуқининг кафолатлари мустаҳкамланиши шароитида мазкур жараёнга устувор равишда хорижий инвесторларни жалб этиш ва хусусийлаштиришдан тушган маблағлар эвазига 2—3 йил давомида иқтисодиётда солиқ юкини минимумда ушлаб туриш мумкин бўлади. Фақат бунинг учун хусусийлаштириш жараёни ҳеч бир инвесторлар тоифасига имтиёзлар қўлланилмасдан (у хоҳ ички, хоҳ ташқи инвестор бўлсин, хоҳ спорт, хоҳ санъатга ҳомий бўлсин), бозор принципларига амал қилиниб, ўта шаффоф ва транспарент тарзда ўтказилиши лозим.
Мустақил давлатимизнинг солиқчилик тарихини ўрганмоқчи бўлсак, у биринчи навбатда солиқ имтиёзлари тарихи ва силсиласидан иборат бўлади. Солиқ имтиёзларимиз шу қадар кўпки, бундан ўн йил аввал қабул қилганимиз, тўғридан-тўғри амал қилувчи ва прогрессив ҳужжат дея мақтанадиганмиз Солиқ кодексимиз ҳам солиқ имтиёзлари мажмуасидан иборат. Ҳар қандай солиқ имтиёзи бир солиқ тўловчи тоифасига манфаат тақдим этиш эвазига солиқ юкини бошқа солиқ тўловчи тоифаси зиммасига юклашга, қайта тақсимлашга олиб келади, ахир кимдир солиқ тўлаши керакку. Ўтган йиллар давомида солиқ имтиёзларини тақдим этиш шунчалар авж олдики, бирон лойиҳани бошлашдан аввал инвестор солиқ имтиёзини аввал «ундириб», «тасдиқлатиб олиб» ва кейингина лойиҳани амалга оширишга киришиш одатий ҳолга айланди. Қўшимчасига бизнинг қонунчилигимизга кўра имтиёзлардан бўшаган маблағлар аксар ҳолларда мақсадли ишлатилиши лозим, яъни бу жараён ҳам алоҳида маъмурчиликни талаб этади. Шунингдек, бир муддат ўтиб, масалан, қайсидир инвестор «исталмаган»га айланса, солиқ имтиёзларидан «мақсадсиз» ишлатганлиги айби билан масала мулкчилик ҳуқуқига дахл қилишгача етиб боришидан ўша инвестор суғурта қилинмаган. Хуллас, мавжуд солиқ имтиёзларининг танқидий тартибдаги инвентаризацияси амалга оширилиши ва уларнинг якка тартибдаги хусусиятга эга бўлганлари тўлиқ бекор қилиниши керак. Бу бир жиҳатдан ислоҳотлар даврида қўшимча бюджет даромадларини яраца, иккинчи тарафдан ижтимоий адолат принциплари доирасида фаолият юритувчи, турли йўллар билан имтиёз ундириш ортидан эмас, рақобатли бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш тўғрисида қайғурувчи интизомли солиқ тўловчилар тоифасини шакллантиради.
Ислоҳотлар даврида (ва умуман барқарор иқтисодий вазиятда ҳам) бюджет дефицитини қоплашга имкон берувчи қулай инструментлардан яна бири ички заёмлар ва давлат қисқа муддатли облигацияларини чиқариш ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида саналган ҳар икки инструментдан 90 йилларда ҳам нолинчи йилларда ҳам фойдаланилган, яъники тажриба бор ва мавжуд. Заём ва облигациялар ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлаши режаланган, яъни бюджет даромадлари ортишни бошлаш муддатига чиқарилади. Мазкур воситаларнинг қулайлиги шундаки, улар нафақат бюджетни тўлдириш вазифасини бажаради, балки мамлакатда ҳалигача оёққа турмаган қимматли қоғозлар бозори фаолиятини ҳам жонлантириши мумкин.
Александр Давлетов
Изоҳ (0)