Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Жамғарма Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Жорий йил май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказди. Июль ва сентябрь ойларида Жамғарма миссияси Ўзбекистонда бўлди.
Жамғарма фармойиш берувчи директори 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодий ва таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан Ўзбекистон раҳбарини қутлади.
Кристин Лагард Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилгани мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ошиши, экспорт ҳажми кенгайиши, хорижий ва хусусий инвестицияларнинг кўпайиши, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда валюта ислоҳоти жараёнида давлат органлари ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш, савдодаги тарифларни камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Давлат бюджетини профицит билан бажариш, солиқ маъмурчилиги ва давлат статистикаси соҳасини тубдан яхшилаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, ташқи савдо сиёсатини эркинлаштириш каби навбатдаги вазифаларга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон билан Халқаро валюта жамғармаси ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)