Ўзбекистон ҳукумати 14 сентябрь куни коммунал хизматларда истеъмолчининг шахсий рақами қўлланиладиган Ягона биллинг тизимини яратиш борасидаги Қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидаги манбасига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Режага кўра, тизим 2018 йилнинг августида ишга туширилиши кутилмоқда, коммунал хизматнинг маълумотлар базаси ва ахборорт тизими унга кейинроқ уланади: электр ва газ таъминоти — 2019 йилнинг январига қадар, ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти — 2020 йилнинг охирига қадар.
Ягона биллинг тизими истеъмолчиларга ҳисобларни етказиш ва пул маблағлари ўтказилишини ҳамда амалдаги коммунал хизматлар тарифларига мувофиқ ҳисобдан чиқаришни назорат қилиш имконини беради.
Тизим доирасида Ўзбекистон бўйича коммунал хизмат истеъмолчиларнинг ягона реестри жорий этилиб, у кейинчалик электрон ҳукумат тизимлари билан интеграциялашади.
Ягона биллинг тизими ишини мувофиқлаштириш ва унинг узлуксиз ишлашига масъул этиб Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг UzInfocom маркази асосида ташкил этилган давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори тайинланган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари, шунингдек, коммунал хизмат кўрсатишнинг бир қатор бошқа етказиб берувчилари билан биргаликда, биллинг тизимидаги ахборотлар узатилишини автоматлаштириш борасидаги электрон қурилмаларни ўрнатиш бўйича лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш топширилган.
Лойиҳа раҳбари шу йилнинг охирига қадар аниқланиши лозим. Лойиҳалаш учун халқаро молиявий институтларнинг техник ёрдамларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)