15 сентябрь тонгида Тошкентдан учган самолёт Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрига етиб келди. Унинг бортида ёпиқ иншоотларда ўтадиган Осиё Ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар бор эди.
«Оламспорт» нашрининг маълумот беришича, Ўзбекистон делегацияси 250 нафар кишидан кўпроқни ташкил қилган. Мамлакат спортчилари 16 сентябрдан бошлаб мусобақаларга киришади. 17 сентябрь куни эса турнирнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Аввалроқ очилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этиши айтилганди.
Ташкилотчилар турнир савиясини ошириш учун ОКЕANIА минтақасининг ҳам бир қатор давтларини унга таклиф қилди. Шу тариқа Туркманистонга жами 62 мамлакат делегациялари етиб келди.
Бешинчи бор ўтказилаётган ёпиқ иншоотлардаги Осиё Ўйинларида спортчилар 21 та спорт турида мусобақага киришади. 4 йил аввал Ўзбекистон термаси умумжамоа ҳисобида 10-ўринни қўлга киритганди. Ўшанда делегация 3 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронзага эга чиққан.
Ашхободда ўзбекистонликлар 4 йил аввалги натижани яхшилашга уриниб кўради. Айрим спорт турларида мамлакат термасининг иккинчи таркиби иштирок этаётган бўлса-да, улар ҳам ғолиблик учун даъвогар ҳисобланади. Бунгача Ўзбекистон спорт делегацияси Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтган Ислом Бирдамлиги Ўйинларида иштирок этиб, 50 га яқин мамлакат спортчилари орасида Туркия, Озарбайжон ва Эрондан кейин тўртинчи бўлганди.
Изоҳ (0)