Ўзбекистонда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этилади. Бу ҳақдаги Президент қарори «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан келтирилди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;
юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;
ўқувчиларни чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;
ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида 10–11-синф ўқувчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташларини ташкил этиш.
Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Ихтисослаштирилган мактабга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди. Уч ой муддатда эса республиканинг мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларига математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов натижаларига кўра бериладиган «Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари» номли мукофотни таъсис этади.
2017–2018-ўқув йилидан бошлаб Халқ таълими вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган мактабнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган тартибда мактабнинг кутубхона фондини зарур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш чораларини кўради.
Изоҳ (0)