Самарқанд давлат университетида сиртқи бўлимга ҳужжат топширгани келган одамлар тартибсизлик қилди. Бу ҳақда Uz24 хабар бермоқда.
Facebook фойдаланувчиларидан бири «Самарканд и Самаркандци» гуруҳида мазкур университетда қабул комиссиясининг иши яхши ташкиллаштирилмаганини ҳам танқид қилди:
«Самарқанд давлат университети жисмоний тарбия факультетининг сиртқи бўлимига қабул бўйича ёзмоқчиман. Президент университетларда сиртқи бўлимларни очгандан сўнг қандайдир ажиотаж бошланди.
Бугун, 14 сентябрь куни ҳамкасбларим билан СамДУга ҳужжат топширгани бордик. Биз спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича мураббий бўлиб ишлаймиз. Сиртқи бўлимга ҳужжат топширгани соат 10:00 да келдик, ҳужжатлар шу вақтда қабул қилиниши айтилганди. Лекин биз у ерда 6 соат офтобда кута-кута, ҳеч нима топширмай қайтиб кетдик.
Қабул комиссиясининг иш тартиби яхши ташкиллаштирилмагнидан ва одамларимиздан ҳайратга тушдик: одамлар бир-бирини итарган, оёқларини босган, бақирган, навбатсиз ўтишга уринган, уришган, талашган».
Муаллифнинг ёзишича, ҳужжат топширгани келган одамларнинг аксарияти спортдан узоқ бўлиб, шунчаки ўқишни истаётган кишилардир.
«СамДУ наҳотки тайёргарлик кўриб, топшириладиган ҳужжатлар, хоналар каби маълумотларни деразаларга илиб қўйиши мумкин эмас? Ҳужжатларни қабул қилиш учун алоҳида хоналар ташкил қилмайдими, токи одамлар қаерга боришни билмай, узун навбатлар ҳосил бўлмасди», — дейди муаллиф.
Ректорат уларни тинчлантира олмаган. Натижада қабул комиссисидагилар ўринларидан туриб кетган. Университетнинг бошқа ходимлари одамларни тинчлантиришга уринган, лекин буни уддалай олмаган. Одамлар университет биноси эшигининг деразаларини синдириб юборган.
Изоҳ (0)