Иш жойида вақтнинг асосий қисмини тик турган ҳолатда ўтказадиган ишчилар асосан ўтириб ишлайдиган ходимларга нисбатан, юрак хасталикларига чалиниш хавфига кўпроқ дучор бўлади. Буни канадалик олимлар аниқлади, деб ёзади «Naukatv.ru».
Торонтодаги Меҳнат ва саломатлик институти тадқиқотчилари 12 йил давомида 35—74 ёшли 7300 нафар ишчиларни кузатди (бошида уларда юрак касаллилари бўлмаган).
Ушбу давр ичида гуруҳ иштирокчиларининг 3,4 фоизи юрак-томир хасталикларига чалинган. Бошқа омилларни ҳисобга олмаганда, иши асосан тик туриш билан боғлиқ одамларда асосан ўтириб ишлаганларга нисбатан юрак хасталиклари хавфи юқорироқ бўлиб чиқди (6,6 фоизга 2,8 фоиз).
Ҳатто, шахсий, саломатлиги ва иши билан боғлиқ кенг доирадаги омиллар ҳисобга олинганидан кейин ҳам, асосан тик туриб ишлаган одамларда ўтириб ишлаганларга нисбатан юрак касалликлари хави икки марта юқори бўлиб чиқди.
Тадқиқот раҳбари ишчининг юраги учун жойида ўтириб ва туриб ҳамда ҳаракатланиб ишлаш комбинацияси энг фойдали бўлишини тахмин қилди. Аммо шу билан бирга, юрак саломатлиги ишда дуч келинадиган стресс даражасига ҳам боғлиқ, дея таъкидлади у.
Изоҳ (0)