Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017—2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Тош-ёп овули ҳудудида 2 қаватли, ҳар бири 16 хонадонли 2 та турар жой қурилиши бошланиб, мустақилликнинг 26 йиллик байрами арафасида қуриб битказилган эди. Мана шу кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг 4 таси Амударё туманида истиқомат қилаётган имконияти чекланган фуқароларга тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Амударё тумани ҳокимлигининг расмий сайтига асосланиб, «KRuz.uz» хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва бошқалар имконияти чекланганларга тантанали равишда уй-жой топшириш бўйича ўтказилган маросимда иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан меҳнат қилиш имконияти бўлган хотин-қизларга «Пахтасаноат» уюшмаси ҳудудий бўлимлари томонидан замонавий тикув машиналари берилди. Эндиликда тикув машиналари эгалари «Пахтасаноат» уюшмаси ҳудудий филиаллари билан тузилган шартнома асосида пахта териш учун этаклар, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча, махсус иш кийимлари ва соҳада зарур бўлган бошқа маҳсулотлар етказиб беради. Уларнинг иш ҳақи олдиндан тўлаб берилади. Ўн мингдан ортиқ этак тиккан тикувчиларга арзон уйлардан сотиб олишлари учун етадиган бадал пули – 10 миллион сўм маблағ пластик карточкаларига ўтказиб берилади.
Шунингдек, маҳсулот тайёрлаш учун зарур бўлган мато ва ип пахта тозалаш корхоналари томонидан етказиб берилади. Бу имконият ногиронлар учун даромад манбаларини шакллантириш ва фойдали иш билан машғул бўлиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда 4 нафар фуқарога янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Изоҳ (0)