Дания қироличасининг турмуш ўртоғи, 83 ёшли шаҳзода-консорт Хенрик деменция хасталигига чалинган. Бу ҳақда Дания қироллик саройи девонхонаси маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«Ёз охирида ўтказилган узоқ кузатув ва текширувлардан сўнг Rigshospitalet шифохонаси мутахассислари шаҳзода Хенрик Ҳазрати Олийлари деменцияга чалинганини аниқлади», — дейилади баёнотда.
«Rigshospitalet шифокорларининг фикрича, когнитив хасталик ривожининг даражаси шаҳзоданинг ёшида кутилганидан баландроқ», — қўшимча қилинади хабарда.
Шу йилнинг август ойида шаҳзода рафиқаси, қиролича Маргрете II билан бир хил мақомга эга эмаслиги ҳақида баёнот берганидан сўнг Европа матбуотида кўп бора тилга олинган эди. Ўшанда шаҳзода-консорт ўлимидан сўнг рафиқасининг ёнида дафн этилишни истамаслигини билдириб ўтган эди.
Тахминларга кўра, аниқланган хасталик шаҳзоданинг бу баёнотларида акс этмай қолмаган.
Деменция — орттирилган ақлий заифлик бўлиб, билиш фаолиятининг пасайиб бориши билан характерланади.
Изоҳ (0)