Соат тахминан 17:30 да Мустақиллик шоҳ кўчаси ва Оққўрғон (Дархон) кўчалари кесишмасида оқ рангли Spark автомобили светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида бошқа автомобилларни уриб-туртиб, ўзига «йўл очган».
Салонида, дастлабки маълумотларга кўра, тўрт киши бўлган Spark ўғирланган бўлган. Facebook’даги «Водители Ташкента (Drivers.uz)» гуруҳида 4 сентябрь куни Учтепа туманида Spark автомобили ўғирлангани ҳақида хабар берилган эди.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва мессенжерларда тарқалган видеоларда чорраҳада Spark’ни бир неча нафар ички ишлар идоралари ходимлари тўхтатишга уринаётгани, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаганини кўриш мумкин.
Spark автомобиллар орасидан ўзига йўл топиб чиқиб кетаётган вақтда камида саккиз марта ўқ овози эшитилган. Ижтимоий тармоқларда кейинроқ эълон қилинган фотосуратда орқа бампери узилиб тушган ва шинаси бўшатилган Spark ўраб қўйилганини кўриш мумкин. «Газета.uz» маълумотларига кўра, Боткин қабристони атрофидан топилган.
Автомобиль ўғриларининг номи кўрсатилган чорраҳадаги қоидага зид хатти-ҳаракатлари оқибатида беш автомобиль — Cobalt, Nexia-2 (такси), Nexia-3, Volvo енгил машиналари ва «Газель» микроавтобуси зарар кўрган. Бу автомобиллар соат 21:00 да ҳам — тергов гуруҳи иш олиб бораётгани сабаб, чорраҳада турган эди.
«Чорраҳа атрофидаги вазият тинч, одамлар ёш болалари билан сайр қилиб юрган эди», — дейилади «Газета.uz» хабарида.
Изоҳ (0)