Чет элга ўқишга ёки даволанишга бормоқчи бўлган шахсларга валюта олишда ҳеч қандай чеклов (лимит) қўйилмайди, бу ҳақда «Дарё»нинг банк соҳасидаги ишончли манбаси хабар берди.
Яъни бундай ҳолатларда, ўқишга ёки даволанишга бормоқчи бўлган шахслар валюта сотиб олишда чекловларга дуч келмайди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.
Фармонга мувофиқ, «юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш» валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасида давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилинган эди.
Президент фармони билан мамлакат ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақат миллий валютада кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари 5 сентябрдан ўз тарифларини сўмга ўтказишини, лекин нархлар ошмаслигини эълон қилди.
Изоҳ (0)