Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан, 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси резидентлари — жисмоний шахслардан валюта алмаштириш шохобчаларида эркин равишда валюта сотиб олиш бошланади.

Шунингдек, жисмоний шахслар амалдаги тартибга мувофиқ тижорат банкларининг конверсион бўлимларида халқаро тўлов карталарига ҳисоблаш асосида хоржий валюта сотиб олиши ва хорижда бу маблағдан ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин.

2017 йил 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларига тижорат банкларида чекловларсиз жорий халқаро операциялар бўйича (маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар импорти, даромадларни репатриация қилиш, кредитларни тўлаш, иш бўйича сафар харажатлари ва бошқа носавдо характеридаги ўтказмалар) хорижий валюта сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Юридик шахсни ташкил қилмасдан озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга 5 сентябрдан бошлаб, жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банк ҳисоб рақами орқали хорижий валюта сотиб олишга рухсат берилади.

Шунингдек, экспортчиларга, уларнинг мулк шаклидан қатъи назар, хорижий валютада олинган даромаднинг маълум қисмини мажбурий сотиш талаби бекор қилинади.

Фармонга кўра, 5 сентябрдан эътиборан хорижий валютада даромадга эга бўлган ва юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисоб рақамларидан хорижий валютани нақд кўринишда олиши мумкин.