Ўзбекистон мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари 5 сентябрдан ўз хизматлари тарификациясини сўмга ўтказади. Бу ҳақда, телекоммуникация компанияларидаги манбаларига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

Сўмга ўтиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 сентябрдаги валюта сиёсатини либераллаштиришнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони талабларини бажариш юзасидан юз бермоқда.

Ушбу қарорга мувофиқ, энди Ўзбекистонда товарлар, ишлар ва хизматлар учун нархлар ва тарифлар фақат миллий валюта — сўмда белгиланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида 4 сентябрь куни алоқа операторлар ва интернет-провайдерлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.

Йиғилишда АҚШ долларида кўрсатилган тарифларни қайта ҳисоблашда Марказий банк томонидан 29 август куни ўрнатилган ва 4 сентябрь куни ҳақиқий ҳисобланган қиймат — 4210,35 сўм асос қилиб олиниши ҳақида қарор қабул қилинган.