АҚШнинг Рочестер тиббий маркази нейробиологлари мусиқачи Ден Фаббионинг миясида жарроҳлик операциясини ўтказди. Операция вақтида мусиқачи саксафон чалиб турди. Бу ҳақда Science Alert нашри маълум қилди.
Миядаги шиш ташхиси Фаббиога 25 ёшида қўйилган. Бу шиш миянинг мусиқа асбоби чалиш учун муҳим бўлган қисмида юзага келган. Шунинг учун шишни олиб ташлаш миянинг бу вазифасига зарар етказиши ва миянинг турли қисмлари ўртасидаги алоқани бузиши мумкин бўлган. Ҳар бир беморга алоҳида ёндашилганлиги сабабли, шифокорлар олдиндан Фаббионинг касбий кўникмалари учун муҳим бўлган нейрон қисмларининг уч ўлчамли харитасини яратди.
Операция жараёнида бемор ўз ҳушида қолдирилди ва у саксафон чалаётган каби овоз чиқариб турди. Бу мутахассисларга мусиқа кўникмаларига жавоб берувчи муҳим қисмларни аниқлашга ва уларга зарар етказишнинг олдини олишга ёрдам берди. Операция сўнгида шишни ортиқча оқибатларсиз олиб ташланганига ишонч ҳосил қилиш учун беморга мусиқа асбобининг ўзи берилди.
Изоҳ (0)