Россиядаги энг катта ошқовоқни 21 ёшли психолог Александр Чусов етиштирди. У уруғни апрель ойида ерга қадаган ва айни вақтда ошқовоқнинг оғирлиги 400 килограммга етмоқда. Бу каби ўлчамдаги ошқовоқни етиштириш осон бўлмаган, деб хабар берди «MK.ru».
Александр ошқовоқ томирларини баҳор-ёзги совуқлардан ҳимоя қилиш мақсадида 48 квадрат метр майдонни ковлаб, тупроқ остига иситиш симларини жойлаштириб чиқди, гигант ошқовоқнинг устига эса инфрақизил чироқли бошпана қурди.
«Atlantic giant навининг уруғини 100 долларга қовоқларни етиштириш бўйича икки карра чампион америкалик Рон Уоллесдан сотиб олгандим. Унга сув етарли миқдорда бўлиши учун махсус усулдан фойдаландим. Ҳар бир ўсган барги ошқовоқни озиқлантириши учун уларни ерга кўмиб қўйдим. Уни парваришлаш учун кунига 4—5 соат сарфладим», — деди Чусов.
Яқин кунларда ошқовоқ махсус автомобиль ва кран ёрдамида Москвадаги кўргазмага олиб борилади. У ерда ошқовоқ Россия рекордлари китобига кириш учун номзодлик қилади.
Ҳозирда энг катта ошқовоқ Бельгияда рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг оғирлиги 1190 килограммга тенг.
Изоҳ (0)