Ўзбекистон фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академиясининг сил касаллиги бўйича мутахассислари Тожикистон сил, пульмонология ва кўкрак жарроҳлиги маркази қошидаги инновацион ўқув маркази, бошқа сил касаллиги марказлари билан танишиш учун 4 кунлик сафарга чиқди. Бу ҳақда «Дарё»га USAID’нинг Ўзбекистонда силга қарши кураш дастури мутасаддилари маълум қилди.
Ўзбекистонлик сил касаллиги мутахассислари тожикистонлик ҳамкасаблари билан учрашиб, малака ва билимлари билан ўртоқлашди. Ушбу ташриф USAID дастури доирасида қўллаб-қувватлаётган Марказий Осиёда силга қарши курашни ҳамкорликда ва мувофиқлаштирилган ҳолда олиб боришга ёрдам беришга қаратилган маълумот алмашуви фаолиятларидан биридир.
Инновацион ўқув маркази USAID ёрдамида Тожикистонда ташкил қилинган бўлиб, минглаб тиббиёт ходимлари ва талабаларни сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш, беморни алоҳида эътибор билан парвариш қилиш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг энг сўнгги маслаҳатларини ўргатадиган асосий масканга айланди. Ушбу ташрифда қатнашган ўзбекистонлик шифокорлар Ўзбекистон ихтисослашган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази қошида USAID ёрдами билан ташкил қилинадиган инновацион ўқув марказида мураббий бўлиб ишлайди.
Маълумот учун, USAID’нинг силга қарши кураш 5 йиллик дастурининг асосий мақсади Ўзбекистон ва Тожикистонда сил касаллиги оқибатларини камайтириш ва силнинг кўплаб дориларга турғун шакллари ривожланишининг олдини олишдан иборат. Дастур соғлиқни сақлаш соҳаси салоҳиятини ошириш, ташкилотлараро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш ҳамда электрон база маълумотларидан фойдаланишни кенгайтириш каби масалаларни ўз ичига олади.
Изоҳ (0)