Шавкат Мирзиёев 23 август куни «Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотларини бериш тўғрисида»га фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар бермоқда.
Унга кўра, мамлакат илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун бир қатор фан ва маданият арбоблари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Фан ва техника соҳасида Аюпов Шавкат Абдуллаевич, Қудайбергенов Каримберген Қадирбергенович, Омиров Баҳром Абдазович, Розиқов Ўткир Абдуллоевич, Иноятова Флора Илясовна, Ахмедова Дилором Илхамовна, Амонов Шавкат Эргашевичга, адабиёт соҳаси бўйича: Қодиров Пиримқулга, санъат ва меъморчилик соҳаси бўйича Матякубов Отаназарга биринчи даражали давлат мукофоти берилди.
Рўйхатдан ўрин олган атоқли ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодиров ўлимидан сўнг ушбу мукофотга сазовор бўлди. Марҳум адибнинг яқинлари мукофотни қабул қилиб олади.
Бундан ташқари, яна қатор арбобларга иккинчи даражали мукофотлар берилди.
Изоҳ (0)