Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилади, дея хабар қилди халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов 23 август, чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида. Бу ҳақда «Газета.uz» маълум қилди.
«Президент болалар мактабга мактаб таълимига тайёр ҳолда боришлари учун шундай вазифани қўйди. Шу муносабат билан келгусида бир неча шаклдаги, жумладан, нодавлат ва қисқа муддатли шаклдаги мактабгача таълим муассасалари (MTM) тармоғи шакллантирилади. Шунинг учун Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилмоқда», — дея таъкидлади вазир.
Унинг сўзларига кўра, янги вазирлик мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, шунингдек, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш усуллари ҳамда методологияси масалалари билан шуғулланади.
Улуғбек Иноятов яқинда ҳукумат томонидан тасдиқланган мактабгача таълим муассасалари тўғрисидаги низом борасида ҳам изоҳ бериб ўтди. Ушбу низомга кўра, давлат MTMларига қабул қилиш ёши аввалгидек 2 эмас, балки 3 ёш этиб белгиланди.
«Барча ривожланган давлатларда худди шундай ёш белгиланган, чунки 3 ёшгача бўлган болалар тез-тез касалликка чалинади, улар жамоат жойларига ёмон мослашади. 3 ёшгача энг яхши таълим ва тарбия уйда, ота-она томонидан берилади, бу жуда катта ижобий натижа беради.
MTMлар вазифаси бундай ёшдаги болаларни парваришлаш эмас, балки уларни ўқитиш ва тарбиялаш. Шунинг учун биз бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонда ҳам MTMЛарга қабулни 3 ёшдан этиб белгиладик», — дея қайд этди Улуғбек Иноятов.
Изоҳ (0)